Американинг чоп этиш тизимлари ишлаб чиқарувчиси Lexmark компаниясининг харидорларидан бирининг номи маълум бўлди. Харидор картридж, тонерларни ва уларга бўлган чипларни ишлаб чиқарувчи хитойнинг Apex Technology компанияси ҳисобланади. Бу ҳақида Reuters ахборот агентлиги компаниялар ўртасида ўтказилаётган музокараларга асосланиб хабар берди.

Уларнинг маълумотига кўра, Lexmark раҳбарияти Apex компанияси билан тузиладиган шартномани истиқболли деб ҳисоблашмоқда. Аммо компания хитойликлар шартномани бажара олиши бўйича кафолат олишни хоҳламоқда. Apex топ-менеджерлари апрель ойида Lexmark раҳбарияти билан учрашув ўтказиш учун АҚШга учиб келишади ва келишув имзолашга ҳаракат қилишади, дейди нашрнинг суҳбатдошларидан бири.

Reuters манбасининг таъкидлашича, Apex компанияси Lexmarkни сотиб олиш бўйича американинг сармоя банклари билан ҳамкорлик қилмоқда. Бундан ташқари, улар бир неча хитой банкларини ҳам бу ишга жалб этишган. Умуман олганда, компаниялар ўртасида шартнома тузилиши бўйича аниқ ишонч ҳозирча мавжуд эмас.

2015 йилнинг октябрь ойида Lexmark компанияси Goldman Sachs Group сармоя банки билан ўз тақдирини ҳал этиш бўйича ҳамкорлик бошлаганини эълон қилган эди. Вариантлар орасида – Lexmarkни ёки унинг алоҳида активларини сотиш (масалан, дастурий таъминотларни ёки қурилмалар ишлаб чиқариш бўлимини сотиш) кўзда тутилган. Ишлаб чиқарувчининг бозордаги капитализацияси 2 миллиард долларни ташкил этади.