Ҳиндистоннинг ғарбидаги Коллам шаҳрида жойлашган индуистлар ибодатхонасида чиққан ёнғин туфайли қурбон бўлган кишилар сони 100 нафардан ошган. The Hindu газетаси қурбонлар сони 102 нафарлиги, жароҳатланганлар сони 350 нафардан ошиқлиги ҳақида ёзган.

Бундан олдинги хабарларда қурбонлар сони 83 нафар бўлгани айтилганди.

Қайд этилишича, кўп киши шифохонага олиб кетилаётганида жон берган.

Воқеа 10 апрелга ўтар кечаси рўй берди. Бунга диний тантаналар вақтида ишлатилган мушакларнинг портлаши сабаб бўлган. Айни вақтда Ҳиндистонда 14 апрелда бошланувчи қуёш Янги йилига бағишланган тантаналар ўтмоқда.

Портлаш кучи туфайли атрофдаги биноларга ҳам жиддий шикаст етган.

Айни вақтда Керала штати ИИВ раҳбарияти воқеа жойига келган, ҳодиса тафсилотлари ўрганилмоқда.