9 апрель куни кечки пайт Истанбулнинг марказий Маджидиака ҳудудидаги пиёдалар ўтиш жойи яқинида портлаш содир бўлди, деб хабар беради Синьхуа агентлиги. Воқеа натижасида уч киши жароҳат олган.

Маълум бўлишича, портловчи қурилма ўтиш йўлидан унча узоқ бўлмаган жойда нейлонли сумка ичига ташлаб кетилган.

Полиция воқеа жойини қуршаб олган. Яқин арофдаги савдо марказларига ташриф буюрганлар эвакуация қилинган бўлиб, улар ҳозирда мустаҳкам ҳимоя остида.

Бир неча соат аввал ҳам Истанбулдаги Тақсим майдонида сапёрлар шубҳали сумкани портлатиб юборишганди.

Бу орада АҚШ ва Исроил ҳукумати ўз фуқароларини Туркияда янги терактлар бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда. Туркияда Анқара ва Истанбулдаги терактлардан кейин "юқори аниқ хавф"ни билдирувчи хавфлиликнинг иккинчи даражаси киритилган.

Аввалроқ, ИШИД террористик гуруҳининг жангарилари Озарбайжон ва Туркияда қатор терактларни амалга оширишни режалаштиргани ҳақида хабарлар тарқалган эди.

Маълумот учун, шу куни Сомали пойтахти Могадишо ва Афғонистон пойтахти Кобулда ҳам бир неча портлашлар содир этилди.