Ливиянинг шарқидаги учта нефть кони маъмурияти конларга ИШИД томонидан ҳужум қилиниши мумкинлигидан хавотирланиб, ўз ходимларини эвакуация қилди, деб хабар бермоқда Reuters ахборот агентлиги.

Агентлик маълумотларига кўра, Вафа конидаги барча ходимлар тўлиқ, Тибести ва Ал-Байда конларидаги ходимлар эса қисман эвакуация қилинган. Бу ҳақда маҳаллий амалдор Муҳаммад ал-Манфий маълум қилди.

Конлар маъмуриятлари хавфсизлик кучлари ходимлари жангарилар ҳужум қилиши мумкинлигидан огоҳлантиргандан кейин бундай қарорга келган. Хавфсизлик кучларидаги манба агентликка маълум қилганидек, жангарилар ИШИДнинг Сиртдаги таянч пункти ҳамда Ас-Сидр ва Рас-Лануф порт шаҳарлари ўртасида жойлашган Ал-Навфалия шаҳрида кучлар тўпламоқда.

Эвакуация бу ҳудудлардаги нефть қазиб олишга таъсир қилмайди, чунки уни қазиш бу ерда аллақачон тўхтатилган. Сурия ва Ироқдаги вазиятдан фарқли ўлароқ, Ливияда ИШИД террорчилари қандайдир конларни назорат қилмайди, бироқ уларга ҳужумлар уюштиради.

Ўтган ҳафтада Аль-Байда конига ИШИД жангарилари ҳужум қилиши оқибатида 2 киши ҳалок бўлганди. Февралда Ливия миллий нефть компанияси National Oil Corporation раҳбари Мустафа Саналла жангарилар томонидан нефтни қазиб олиш, сақлаш ва ташиш объектларига янги ҳужумлар уюштирилиши хавфидан огоҳлантирганди.