Озарбайжон ва Арманистон ҳукуматлари ўзаро қуролли тўқнашувлар вақтида ҳалок бўлган ҳарбийларининг жасадларини алмашишди. Бу ҳақда ТАСС агентлиги хабар тарқатган.

"Халқаро ташкилотлар воситачилиги орқали тузилган келишувга кўра, томонлар 10 апрель куни чегара ҳудудида ҳарбий тўқнашувлар вақтида ҳалок бўлган ҳарбийларнинг таналарини бир-бирига қайтарди", дейилади Озарбайжоннинг асирлар, гаровдагилар ва бедарак кетганлар бўйича давлат комиссияси хабарида.

Давлат комиссияси ходимининг айтишича, таналарни алмашиш вақтида арманлар ўт очишни тўхтатиш тартибини бузган.

Бундан олдинроқ, Тоғли Қорабоғ ҳудудида ўтган ҳафта давомида рўй берган қуролли тўқнашувлар вақтида ҳалок бўлганларнинг жасадларини қидириш ишлари тўхтатилгани маълум қилинганди.