Сурияда 2012 йилда йўқолиб қолган ва яқинда озод қилинган америкалик фотосуратчи Кевин Доуснинг оиласи фарзандини озод қилишдаги кўмаклари учун АҚШ, Россия ва Чехияга миннатдорчилик билдирди.

"Биз АҚШ ҳукумати томонидан 3 йил давомида тўхтатилмаган саъй-ҳаракатлар ҳамда Чехия ва Россия ҳукуматидан Кевинни озод қилишни ташкиллаштиришдаги иштироклари учун жуда миннатдормиз", деб Кевиннинг отаси Рэнди Доуснинг миннатдорчилик сўзларини келтириб ўтди Associated Press ахборот агентлиги.

33 ёшли калифорниялик фотосуратчи Туркия-Сурия чегарасини кесиб ўтганда ғойиб бўлган. Унинг озод этилиши бўйича музокараларда россиялик дипломатлар ва Вашингтонинг Суриядаги манфаатларини билдирувчи Чехия элчихонаси иштирок этди.

Аввалроқ Оқ уй Россияга Кевиннинг озод қилинишидаги кўмаги учун миннатдорчилик билдирганди, бироқ АҚШ президенти Барак Обама ўзининг россиялик ҳамкасби Владимир Путиндан бу масалада ёрдам беришни сўрагани ҳақидаги маълумотга изоҳ беришдан бош тортган.