АҚШ соҳилбўйи хизмати Микронезиядаги ороллардан бирида океанда ҳалокатга учраб, омон қолган кишиларни қутқарди. The Guardian нашрида ёзилишича, бу кишиларнинг қайиғи Тинч океанида ағдарилиб кетгач, улар оролга чиқиб, у ерда 3 кун бўлишган.

Нашрнинг ёзишича, 3 эркак "Скиф" номли 19 футли кемада ўтган ҳафтанинг душанба кунида Тинч океанининг жанубий қисмига йўл олганди. Кутилмаганда океанда бўрон бошланиб, қайиқ ҳалокатга учраган. Қайиқдаги кишилар эса ороллардан бирига 2 км масофани сузиб боришган ва у ерда 3 кун давомида нажотсиз қолишган.

Ўтган ҳафтанинг пайшанба кунида эса АҚШ Ҳарбий денгиз кучларига тегишли самолёт Гонолулудан 2600 миль масофадаги Фанадик ороли қирғоғида пальма япроқлари орқали "Help" ёзувини ҳосил қилишганини пайқашган ва ҳалокатга учраган кишилар қутқарилган.

Улар ёзув ҳосил қилиш билан биргаликда қутқарув нимчаларини силкитишган.

Соҳилбўйи хизмати вакилининг айтишича, улар ўз ҳаракатлари билан омон қолишди.