2018 йилда Япониядаги Йокогама шаҳри яқинида “Ақлли Цунасима” мегаполиси барпо этилади. Қурилиш ишлари мамлакатдаги 10та йирик компанияни ўзида жамлаган консорциум томонидан олиб борилмоқда.

Маҳаллий ҳукумат томонидан қўллаб-қувватланаётган лойиҳа ташаббускорлари Panasonic ва Nomura Real Estate Development корпорацияларидир. Улар “Ақлли шаҳар”нинг концепциясини тақдим қилишди. Шаҳарда фантастик фильмлардаги каби учувчи таксилар бўлмасада, Цунасимада жорий этиладиган технологияларнинг дунёда қиёси йўқлиги айтилмоқда.

Маълумки, бундан аввал Японияда, 2014 йилда “Ақлли Фуджисава” шаҳарчаси бунёд этилган эди. Бу шаҳарда ҳар бир оиланинг ўз уйи бор.

Цунасима эса келажакда урбанизация маркази бўлиши кутилмоқда. Шаҳарнинг катта қисми савдо маркази ва тадбиркорлар учун ажратилади. Марказга илмий-тадқиқот лабораториялари, Кейо Университетининг талабалари учун кампус, савдо-кўнгилочар даргоҳлари жойлаштирилади. Шаҳарликлар эса “ақлли уйлар”да истиқомат қилишади.

Энергиядан самарали фойдланувчи технологияларнинг қўлланилиши ўз навбатида атмосферага CO2 газини чиқаришни 40 фоизга қисқартиради. Сув истеъмоли эса 30 фоизга камаяди. Энергиянинг 30 фоизи табиий манбалардан олинади. Бундан ташқари, фавқулодда ҳодисалар юз бергудек бўлса, шаҳар уч кун мобайнида ўзини-ўзи энергия ва бошқа ресурслар билан таъминлай олган ҳолда “яшаши” мумкин.

“Энергомарказ” шаҳарнинг “юрагида жойлашади” ва электр ишлаб чиқариш ҳамда таъминотини мувофиқлаштириб туради. Табиат инжиқликлари пайдо бўлгудек бўлса, “Энергомарказ” барча иншоотларни экологик тоза энергия билан таъминлайди. Tokyo Gas Group компанияси бу ерга юқори самара берувчи иссиқлик ва энергия ишлаб чиқарадиган тизим ўрнатади.

Электр энергияси орқали пайдо бўлган иссиқлик уйларни ва сувларни иситади. Шаҳарга газ етказиб бериш зилзилага бардошли махсус қувурлар орқали амалга оширилади. Бу қувур табиий офатлар юз берган тақдирда ҳам фаолиятини давом эттираверади.

Шаҳарда экомобиллар ҳаракатланади. JX Nippon Oil & Energy корпорациялари томонидан яратилган водород қуйиш станциялари экологик автомобилларни ёқилғи билан таъминлайди.

Замонавий технологиялпар Кейо Университетининг халқаро кампусида жаҳоннинг турли мамлакатларидан келиб таҳсил олаётган талабаларнинг оғирини енгил қилади. Ҳаво тозаловчи жиҳозлар ҳавонинг софлигини таъминлашга хизмат қилади.

UNY компаниясининг “Ақлли савдо-кўнгилочар маркази”да аҳоли онлайн орқали озиқ-овқатларга буюртма беришлари мумкин бўлади. Шаҳар марказини электр билан томларга ўрнатилган қуёш панеллари таъминлайди. Кўчаларга ўртатилган светодиод тизимлари орқали ҳар қандай маълумотни олиш имконияти мавжуд бўлади. Яъни дўконларда қандай маҳсулот борлиги, уларнинг нархлари, йўллардаги вазият, об-ҳаво маълумотлари, табиий офатлардан огоҳлантириш каби маълумотлар шулар жумласидан. Таржима тизими эса хорижликларнинг савдо марказидаги юмушини енгиллаштиради. Кўп тармоқли видоекузатув тизими эса хавфсизликни таъминлашга ҳисса қўшади.

Цунасима аҳолиси учун махсус ақлли уйлар қурилади. Ҳар бир хонадонга Smart HEMS тизими ва маиший аккумуляторлар ўрнатилади. Улардан фойдаланган аҳоли одатларидан воз кечманган ҳолда экологик тоза турмуш тарзидан баҳраманд бўлишади.

Шаҳарда лифт билан боғлиқ муаммо деярли бўлмайди. Махсус аккумуляторлар туфайли электр манбаи узилиб қолган тақдирда ҳам одамлар лифтлардан фойдалниш имконига эга бўлади.

Шарофиддин Тўлаганов.