Япониянинг Хиросима шаҳрида 10 апрелда "Еттилик гуруҳи" (ёки "катта еттилик" – G7) давлатлари ташқи ишлар вазирларининг икки кунлик учрашуви бошланади, деб хабар бермоқда РИА “Новости” ахборот агентлиги.

Таъкидланишича, учрашувда Россия-Украина ихтилофи ва Жануби-Хитой денгизидаги ҳудудий баҳсларни тартибга солиш масалалари асосий мавзулар бўлади. Шунингдек, террорчиликка қарши кураш, Яқин Шарқ қочқинлари, Шимолий Кореянинг ядровий ишланмалари масалалари ва иқтисодий муаммолар муҳокама қилинади.

G7 ташқи ишлар вазирлари учрашуви 26-27 майга белгиланган "еттилик" саммитига тайёргарчиликнинг бир қисми бўлади. Бу саммит ҳам Япониянинг Миэ префектурасида, Сима шаҳри яқинидаги оролда ўтказилмоқчи.

Бундан ташқари, жорий учрашув АҚШ учун чақириқ бўлади – японлар G7 ташқи ишлар вазирларининг 1945 йилдаги Хиросима ва Нагасакидаги фожиаларни хотиралаш мақсадида "Тинчлик боғи"га ташриф буюришларини талаб қилди. Ўшанда АҚШ томонидан бу икки япон шаҳарига атом бомбалари ташланган.
АҚШ Давлат котиби Жон Керри бу фожиадан кейин Хиросимага келадиган биринчи АҚШ Давлат котиби бўлади.

Эслатиб ўтамиз, "катта еттилик"ка Германия, АҚШ, Канада, Япония, Франция, Буюк Британия ва Италия киради.