Замбиянинг марказидаги Кабве шаҳрида автобус иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисасида 25 киши ҳалок бўлди, деб маълум қилди маҳаллий полиция матбуот котиби Черити Мунганда Чанда. Бу ҳақда РИА “Новости” ахборот агентлиги хабар бермоқда.

Чанданинг маълумотларига кўра, автобус ҳайдовчиси йўл четига қўйилган юк машинасини айланиб ўтмоқчи бўлганда қарама-қарши йўналишга чиқиб, рўпарадан келаётган микроавтобус билан тўқнашиб кетган.

"Синьхуа" ахборот агентлигининг маълум қилишича, автобусдаги барча одамлар, жумладан ҳайдовчи ҳам воқеа жойида ҳалок бўлган. Уларнинг 21 нафари катта ёшдаги одам ва 4 нафари ўсмир бўлган.