Ўзбекистон Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигидан маълум қилишларича, жорий йилда 26 минг тонна қимматбаҳо саноат хомашёси тайёрланади. Бунинг учун 451 минг 440 қути ипак қурти парваришланади. Бу ҳақда “ЎзА” хабар бермоқда.

Ипак қурти уруғини сифатли тайёрлаш мақсадида уруғларни жонлантирадиган инкубаториялар таъмирланиб, қайта жиҳозланди. Ипак қурти уруғларини тарқатишда вилоятлардаги мавжуд тутзорлар ва тут баргларининг миқдори эътиборга олинмоқда.

Мавсумда Ўзбекистонда пиллакорларни барг билан узлуксиз таъминлаш мақсадида 80 миллион якка тут қатори ва 51 минг гектар тутзорда баҳорги юмушлар, агротехник тадбирлар жадал давом этаётир. Жорий йилда бир минг икки юз гектардан зиёд майдонда янги тутзорлар ташкил этиш белгиланган. Мавжудларининг хатоси тўлдирилиб, ариқ атрофларига қўшимча тут кўчатлари экилади.

Бир тонна пилладан 350 килограмм ипак, 20 минг метр адрас, 13 минг метр атлас каби ўндан ортиқ маҳсулот олинади.