Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев республика бош вазири Темир Сариевнинг истеъфоси ҳақидаги буйруқни имзолади. Бу ҳақда Қирғизистон давлат раҳбари матбуот хизмати хабар тарқатган.

Ҳужжатда қуйидагилар айтилган:
- Бош вазир Темир Сариевнинг истеъфоси қабул қилинсин.
- Ҳукумат истеъфога чиққан деб ҳисоблансин.
- Бош вазирнинг биринчи ўринбосари, бош вазир ўринбосарлари, ҳукумат аъзолари лавозимларини эгаллаб келган шахслар ҳукуматнинг янги таркиби шакллангунига қадар республика ҳукумати аъзолари мажбуриятларини бажаришда давом этади.

Ҳужжат имзоланган вақтдан бошлаб кучга кирган.

Эслатиб ўтамиз, 11 апрель куни вазирлар маҳкамасининг навбатдан ташқари йиғилишида Қирғизистон бош вазири Темир Сариев истеъфо бериши ҳақида маълум қилди.