АҚШ ҳарбий денгиз кучлари зобити жосусликда, махфий ахборот узатишда ва нотўғри маълумотлар тақдим этганликда айбланмоқда.

У саккиз ой муқаддам қуролли кучлар қўмондонлиги Тинч океани аэродромида бошқа давлатга қочиб кетишга уриниш чоғида қўлга олинган. Бу ҳақда CNN телекомпаниясига асосланиб ТАСС хабар берди.

Энди капитан-лейтенант унвонидаги ҳарбий хизматчи трибунал олдида жавоб беради. У АҚШ ҲДК сафида қанча хизмат қилгани ва қайси давлат фойдаси учун айғоқчилик қилгани ҳозирча ошкор қилинмаган.

Ҳарбий денгизчи жосусликда ва ёлғон маълумот етказишда айбланмоқда. Ёлғон ахборот тақдим этиш айблови унга хориж сафари хусусида раҳбариятни хабардор қилмагани ҳамда сафар ҳужжатларида нотўғри маълумотлар кўрсатгани учун эълон қилинди.

Бундан ташқари, у махфий юк ташиш, бузуқлик ва оилавий хиёнатда ҳам айбланмоқда.

Тергов-суриштирув иши билан ҳарбий денгиз кучлари жиноий қидирув Хизмати ва тергов Федерал бюроси шуғулланмоқда.