Австралияда Weather Lottery номли янги хайрия лотереяси тақдим этилди. Унда об-ҳавони аниқ айтган мамлакат фуқароси ғолиб деб топилади ва унга бош мукофот-1 млн Австралия доллари (755 минг АҚШ доллари атрофида) берилади. Бу ҳақда Mashable хабар қилган.

Weather Lottery лотереясида иштирок этиш учун бирмарталик ойлик тўлов 25 Австралия долларини ташкил этади.

Қоидага кўра, ўйинчи ҳафтанинг ҳар бир куни учун 0дан 9гача бўлган сонлардан 7та рақам танлайди.

Ушбу рақамлар Австралиянинг барча йирик шаҳарларида тушки пайтдаги ҳаво ҳароратининг ўнлик рақамларидан кейинги сонларига таққосланади.

Мисол учун, Сиднейда ҳарорат +30,6 даражани кўрсатган бўлса, 6 ютуқ рақами ҳисобланади.

Лотерея ташкилотчиларининг айтишларича, мамлакат фуқароларининг кунлик мавзуларидан бири ҳаво ҳарорати бўлгани учун ҳам шу мавзу танланган. Бундан ташқари, ҳар 25 долларлик ойлик бадалнинг 5 доллари хайрия жамғармаларига ўтказилади.