Буюк Британия молия вазири Жорж Осборн 10 апрелда қанча пул ишлаб топгани ва қанча солиқ тўлаганини чоп этиш қарорини қабул қилган мамлакат бош вазири Дэвид Кэмерон ибратига амал қилиб, 2014-2015 йиллар учун солиқ декларациясининг тафсилотларини чоп этди. Бу ҳақда Reuters ахборот агентлиги хабар берди.

Декларацияга кўра, Осборн кўрсатилган давр ичида 198 минг фунт стерлинг ишлаб топган, ундан 72 минг фунт стерлинг солиқ тўлаган. У даромадининг 120 минг фунт стерлингини маош кўринишида, 33 мингини ижарадан ва 44 мингини дивидендлардан олган.

Таъкидланишича, бу маълумотнинг ошкор қилиниши консерватив ҳукуматнинг Кэмероннинг отаси офшор можароси фигурантига айлангани маълум бўлгандан кейин пайдо бўлган саволларга жавоб беришга ҳаракати ҳисобланади.

Аввалроқ Буюк Британия ҳукумати "офшор можароси"ни ("панамагейт") тергов қилиш учун 10 млн фунт стерлинг ажратгани маълум қилинганди.