Буюк Британияда "Панама ҳужжатлари"да келтирилган маълумотларни тергов қилиш  учун ишчи гуруҳ ташкил этилмоқда. Бу ҳақда мамлакат бош вазири Дэвид Кэмероннинг идораси берган хабарда айтилмоқда.

Ишчи гуруҳга мамлакат солиқ хизмати, жиноят билан курашиш миллий агентлиги, молиявий фирибгарликлар билан курашиш хизмати ва молиявий тартибга солиш бошқармаси экпертлари киради.

Кэмероннинг айтишича, ишчи гуруҳ саъй-ҳаракатлари "Панама ҳужжатлари"да эслаб ўтилган исталган қонунбузарликларга қарши курашга қаратиладиган энг яхши экспертларни бирлаштиради.

Экспертлар жорий йилнинг охиригача ўз ишлари натижалари ҳақидаги ҳисоботни бош вазир ва ички ишлар вазирига тақдим қилишади.

Аввалроқ Дэвид Кэмерон бош вазир этиб тайинлангунгача отасининг офшор фондида 30 минг фунт стерлингга яқин акцияларга эга бўлганини тан олганди.

Дэвид Кэмерон 3 апрелда OCCRP томонидан жаҳон етакчилари, спортчилар ва маданият арбобларининг офшор битимларга алоқадорлиги ҳақидаги катта кўламдаги терговни чоп этгандан кейин жамоатчилик босими остида қолди. "Панамагейт" деб номланаётган бу офшор можаро иштирокчилари орасида Кэмероннинг отаси номи ҳам тилга олинган.