«Тоттенҳэм» жамоаси бош мураббийи Маурисио Почеттино «Манчестер Юнайтед»га қарши ўйиндан кейин (3:0) интервью берди.

«Мен натижадан жуда хурсандман. Менимча, бугун «Тоттенҳэм» аъло даражада ўйнади. Бизнинг футболчилар ғалабага ҳақли эди. Мен бундан бахтиёрман.

«Тоттенҳэм» ҳали ҳам чемпионлик учун имкониятга эга. «Лестер» билан фарқ 7 очко. Бу фарқни йўққа чиқаришимизга ишониш керак. Бироз олдин, «Лестер»нинг ўйинидан кейин орадаги фарқ 10 очкони ташкил қилиб турганди. Қийин бўлди, лекин биз ўз ишимизга масъулият билан ёндашдик, бу муҳим эди.

Менингча, «Тоттенҳэм» томошабоп ва иродали ўйин намойиш қилди. Жамоа мавсум бошидан буён кучли ўйин кўрсатмоқда, биз ўз ишимиздан кўнглимиз тўлган ҳолда ишламоқдамиз.

Алли эртага 20 ёшга тўлади. Гол унга ва жамоага жуда муҳим эди. Бу футболчи ҳар имкониятидан маҳорат билан фойдаланмоқда. Унинг ҳаракатлари барчани мамнун этади.

Ўйиннинг ярим соатга кеч бошлангани (меҳмонларнинг автобуси Лондонда тирбандликда қолгани туфайли - таҳририят) бизга бироз ноқулайлик туғдирди. Баъзир режаларни ўзгартиришимизга тўғри келди. Лекин бу икки жамоа учун ҳам таъсир кўрсатганди. Мен ўйлайманки, «Тоттенҳэм» яхши ўйнади», – дейди аргентиналик мураббий.