Мьянма (собиқ Бирма)нинг янги ҳукумати охирги кунларда сиёсий сабабларга кўра тақиб қилинган 200 га яқин сиёсий маҳбусни озод этди. Бу ҳақда маҳаллий ОАВ хабар бермоқда.

The Global New Light of Myanmar ҳукумат газетасининг ёзишича, 161 нафар маҳбус 8 апрелда озод этилди. Уларнинг орасида сиёсий тадбирларда иштирок этган талабалар ва фаоллар, "виждон маҳбуслари" (ўз сиёсий, диний ёки бошқа қарашларини тинч йўл билан ифодалаганлар) бор. Озод қилинганлар орасида 36 нафар аёл ва 2 бола борлиги таъкидланмоқда.

"Синьхуа" агентлиги Мьянма ҳукуматидаги манбаларга иқтибос келтирган ҳолда 10 апрелда озод этилганлар сони 199 нафарни ташкил қилганини маълум қилган. Озодликка нафақат аввал судланганлар, балки судланишини кутаётган сиёсий фаоллар ҳам чиққан. Таъкидланишича, уларга қарши барча айбловлар бекор қилинган.

Мьянма демократик кучлар етакчиси ва давлат маслаҳатчиси Аун Сан Су Чжи 7 апрелда барча сиёсий маҳбуслар учун амнистияга эришишини айтди. Аёл сиёсатчининг ваъдасига кўра, амнистия жорий ҳафта ўртасида Тинжан – Мьянма Янги йилининг нишонланиши бошлангунгача амалга оширилиши мумкин.

1962 йилдан 2010 йилгача Мьянма ҳарбий ҳукумат томонидан бошқарилган. 6 йил аввал мамлакатда демократик ислоҳотлар бошланган. Мамлакатнинг собиқ президенти Тейн Сейн 2013 йил июлда барча сиёсий маҳбусларни афв этишга ваъда берган. Уларнинг аниқ сони номаълум. 2014 йил давомида 126 нафар сиёсий маҳбус озод этилгани маълум қилинган. 2014 йил октябрда Мьянмада 3 мингдан зиёдроқ маҳбус афв этилган, уларнинг орасида камида 13 нафари сиёсий маҳбус бўлган. Мьянмада охирги оммавий амнистия 2016 йил 22 январда эълон қилинган. Ўшанда 100 дан кўпроқ маҳбус озодликка чиққан. Маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячилари улар орасида неча нафар сиёсий маҳбус борлиги борасида турлича фикр билдиришган – озод этилган сиёсий маҳбуслар сони 20 дан 34 нафаргача эканлиги айтилган.