Нигерия соҳилларида қароқчилик билан шуғулланувчи жиноятчилар "M/T Puli" танкери экипажи аъзоларидан 6 кишини ўғирлашган. Бу ҳақда Туркиянинг NTV телеканали хабар қилди.

Кема тегишли бўлган "Каптаноглу Денизжилик" компанияси маълумотларига кўра, ҳозирча туркларнинг қаердалиги аниқ эмас. Аммо хабарларда уларнинг жабрланмагани таъкидланган. Танкер экипажнинг қолган аъзолари билан яқин орадаги портга олиб келинган. Ўғирланганлар орасида кема капитани ҳам бор. Айрим манбаларда компания вакиллари қароқчилар билан музокаралар олиб бораётгани айтилган.

2009 йили экипаж аъзоларини ўғирлаш ва турк кемасини эгаллашга оид иккита ҳодиса рўй берган эди. Қароқчилар Адан кўрфази ҳудудида турк танкерларини эгаллаб олишган, кейинроқ қўйиб юборишган эди.