Буюк Британиянинг молиявий конгломерати Standard Chartered Plc Осиё минтақасидаги мавжуд қимматли қоғозларини 4,4 млрд АҚШ долларига сотишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Bloomberg агентлиги ўз манбаларига таянган ҳолда хабар берган.

Хабар қилинишича, молия муассасаси Ҳиндистондаги 1,4 млрд долларга яқин "ёмон" кредитлар портфелидан воз кечмоқчи. Бундан ташқари, банк Хитой, Индонезия ва Малайзиядаги бошқа активларини ҳам сотишни бошлаган.

Standard Chartered XIX асрда, Африка ва Ҳиндистонда молиявий амалиётларни ўтказиш мақсадида ташкил этилган. Унинг Осиё-Тинч океани минтақасидаги даромади умумий фойдасининг 75 фоизини ташкил этади.

Standard Chartered Plc 2015 йилда, 1989 йилдан бери энг йирик зарар кўргани хабар қилинган эди.