Жорий йилнинг 7-9 апрель кунлари Туркманистоннинг Ашхобод шаҳрида “Turkmen Build – 2016” қурилиш маҳсулотлари халқаро кўргазмаси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистоннинг компания ва корхоналари ўз маҳсулот ва хизматлари билан иштирок этди. Бу ҳақда «ЎзА» хабар бермоқда.

“Turkmen Build” халқаро кўргазмасида Ўзбекистон, Германия, Греция, Хитой, Ҳиндистон, Россия, Беларусь, Эрон, Қозоғистон каби йигирмадан зиёд мамлакатдан икки юздан ортиқ фирма ва компания иштирок этди. Форумда қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқариш соҳасида энг сўнгги ютуқлар намойиш этилди. Унда замонавий қурилиш материаллари ва технологиялар, архитектура ва дизайн, лойиҳалаштириш, соҳада кадрлар тайёрлаш, дурадгорлик буюмлари, электр тармоқлари маҳсулотлари каби йўналишларга оид ўнлаб бўлимлар ишлади.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармасидан маълум қилишларича, мазкур халқаро кўргазмада мамлакатимизнинг қурилиш соҳасида иш юритувчи ўндан зиёд хусусий компанияси иштирок этган. Кўргазма қатнашчилари Ўзбекистон миллий стендида юртимизнинг қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқариш борасидаги салоҳияти ва имкониятлари, таклиф этилаётган хизматлар билан танишган.

Кўргазма доирасида Ўзбекистон компаниялари турли мамлакатларнинг нуфузли фирма ва компаниялари билан соҳада ҳамкорлик ўрнатиш ва ривожлантиришга келишиб олган. Тадбиркорларимиз томонидан жами ўн беш миллион долларликдан зиёд экспорт шартномалари имзоланган.