Маълумки, кейинги йилларда мамлакатимизда фуқаролик жамияти институтлари, хусусан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, касаба уюшмалари, жамоатчилик ташкилотлари ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари аҳолининг барча қатламлари манфаатларини ҳимоя қилишда, шунингдек жамоатчилик назоратини муваффақиятли амалга оширишда давлат идораларига кўмакдош бўлиб келмоқда.

Демократик ўзгаришлар ҳамда жамиятни эркинлаштириш жараёнида фуқаролик жамияти институтлари ҳамда давлат ташкилотларининг самарали ҳамкорлиги аҳолининг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, ижтимоий, социал-иқтисодий фаоллиги ҳамда ҳуқуқий маданиятини оширишда муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда.

Бинобарин, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги ҳам юртимиздаги бошқа вазирлик, ташкилот ва давлат идоралари сингари муҳим аҳамиятга молик масалалар юзасидан турли жамоат ташкилотлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари билан бамаслаҳат иш кўришга одатланган. Ижтимоий шериклик асосида ўрнатилган ҳамкорликни расман тасдиқлаш ҳамда бу алоқани янада мустаҳкамлаш мақсадида 2015 йил 3 декабрь — Халқаро ногиронларни ҳимоя қилиш кунига бағишланган байрам тадбирида ногиронлар манфаатини ҳимоя қилувчи 15 дан ортиқ нодавлат нотижорат ташкилотлари аъзолигида вазирлик ҳузурида Маслаҳат Кенгаши ташкил этилганди.

2016 йил 8 апрелда мазкур Маслаҳат кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Бу галги тадбирда меҳнат қонунчилигида 20 нафардан ортиқ иш ўрнига эга корхоналарда ногиронлар учун квоталанган иш ўринлари белгиланишини назарда тутувчи меъёрларнинг амалдаги ижроси, бу борада жамоатчилик назоратини ўрнатиш механизмлари муҳокама этилди.

Таъкидланганидек, Меҳнат вазирлиги ногиронларнинг турмуш шароитини яхшилаш учун зарур қулайликларни яратиш, жумладан ижтимоий корхоналарни ташкил этиш орқали улар учун муносиб иш ҳақи ва шароитига эга иш ўринлари яратилишига эришиш борасида бир неча халқаро ташкилотлар билан ижтимоий ҳамкорлик ўрнатиб келаётган бўлиб, бундай ҳамкорлик доирасида белгиланган вазифаларни амалга татбиқ этишда миллий нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳам фаол иштироки таъминланиши муҳим аҳамиятга эга.

Шунингдек, муҳокамалар чоғида ўз ҳаётлари билан боғлиқ бўлган қарорлар қабул қилиш борасида юритиладиган ижтимоий сиёсатни амалга ошириш ва такомиллаштиришда ногиронлар ҳам тенг ҳуқуқли иштирокчи сифатида овозга эга бўлиши Ўзбекистон Республикаси томонидан 2009 йил ратификация қилинган “Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенция”да ҳам белгилаб қўйилгани қайд этилди.

Маълумот тариқасида айтиб ўтиш лозим, Маслаҳат Кенгаши таркибида ногиронлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилувчи, давлат рўйхатидан ўтган жамоат ташкилоти ёки нодавлат нотижорат ташкилоти аъзо бўлиши мумкин.

Тадбир якунида ногиронларнинг ҳуқуқлари ва асосий эркинликлари, хусусан уларнинг яшаш, фуқаролик, ҳуқуқий ҳимояланиш, таълим олиш, саломатликларини сақлаш, бошқалар билан тенг равишда меҳнат қилиш, ўзлари ва оиласи учун етарлича турмуш шароитига эга бўлиш ва ижтимоий ёрдам ҳуқуқлари таъминланиши устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш борасида тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.