Перуда 10 апрель куни бўлиб ўтган президентлик сайловида “Халқ қудрати” марказий ўнг партия раиси Кейко Фуҳимори энг кўп овоз тўплади.

Бироқ Жанубий Америка давлати янги раҳбарининг исми иккинчи турда аниқ бўлади. Чунки ҳеч бир номзод биринчи турдаёқ ғалабани таъминлайдиган 50 фоиздан ортиқ сайловчиларнинг овозига эга бўла олмади. Бу ҳақда ТАСС хабар берди.

Перуда 22,9 миллион киши сайловчи сифатида рўйхатдан ўтган (мамлакат аҳолиси 30,7 миллион киши). Миллий қонунчиликка кўра, 18 ёшдан 70 ёшгача бўлган барча одамлар сайлаш ҳуқуқига эга.

Ўтган сайловлар давомида перуликлар икки вице-президент, бир палатали конгресснинг (миллий парламент) 130 нафар аъзоси, шунингдек, Анд парламенти – Анд миллатлар ҳамжамияти маслаҳат органида республикадан вакил бўлувчи беш нафар депутатни сайлашди.

Янги давлат раҳбари инаугурацияси (қасамёд) 2016 йил 28 июлига режалаштирилган. Президентлик муддати беш йил.