Россия Давлат думаси Халқаро масалалар қўмитаси раҳбари Алексей Пушков АҚШ президенти Барак Обаманинг Ливиядаги давлат тўнтарилиши ҳақидаги фикрларига муносабат билдириб, у ўз хатосини ювиш учун ливиялик болаларга ўзининг Нобель мукофотини (Тинчлик йўналишида) бериши кераклигини айтди. Бу ҳақда россиялик депутат ўз твиттерида ёзган.

"Агар Обама ҳақиқатдан ҳам Ливияга қўшин киритиш ҳақидаги қароридан афсусда бўлса, узри ифодаси сифатида Нобель мукофотидан воз кечиши ва уни ливиялик болаларга бериши керак", дейди у.

Пушков америкаликлар 2011 йилда Ливиядаги ғалабадан кейин қандай қўшиқ куйлашганини хотирлаган.

"Энди улар мотам қўшиғини куйлашлари керак", дея қўшимча қилган Пушков.

Унинг айтишича, агар Ливиядаги уруш Обама маъмуриятининг энг катта хатоси бўлган экан, бу уруш ташкилотчиси бўлган Ҳиллари Клинтон мамлакатнинг кейинги президенти бўлишга ҳақли эмас.

Бундан олдинроқ, Обама Ливияга бостириб кириш қарорини ўзининг энг мудҳиш хатоси деб атагани ҳақида хабар берилганди.

У Ливия етакчиси Муаммар Каддафини 2011 йилда тахтдан ағдариш операцияси оқибатлари аниқ режасининг йўқлигини ўзининг президентлик давридаги энг мудҳиш хатоси бўлганини тан олди.