Бишкекда мамлакат вазирлар маҳкамасининг навбатдан ташқари мажлиси бўлиб ўтиши кутилмоқда. Унда, ҳукумат раиси Темир Сариев, мамлакатда бўлиб ўтаётган воқеаларга ўз қарашини билдиради. Бу ҳақда, Қирғизистон вазирлар маҳкамаси матбуот хизмати хабар қилмоқда.

13 апрель куни, ўз навбатида, мамлакат парламенти бош вазирга ишончсизлик эълон қилиш масаласини муҳокама этади. Бунга, транспорт ва коммуникациялар вазири Аргинбек Малабаевнинг бош вазир атрофидаги кишиларни, Балиқчи-Корумду автойўлини реконструкция қилиш учун тендерда Хитой компанияси манфаатларини ҳимоя қилишда айблагани сабаб бўлди.

Бунга жавобан, Қирғизистон бош вазири Темир Сариев транспорт ва коммуникациялар вазири Аргинбек Малабаевни вазифасидан озод этиш бўйича таклифини президент ҳузурига киритган эди. Аммо, Атамбаев буни рад этиб, миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг коррупцияга қарши кураш бўлимига бош вазир ҳамда вазир ўртасидаги зиддият сабабларини ўрганишга кўрсатма берганди. Терговчилар шунингдек, тендер атрофидаги машмашалар ҳақиқатга нақадар мос келишини аниқлашлари лозим.

Шу билан бирга, Қирғизистон давлат раҳбари, ҳукумат раҳбарининг вазирларни лавозимидан озод этиш бўйича ваколатларини кенгайтириш таклифини ҳам парламент муҳокамасига киритди.