2016 йил март ойида Қозоғистон Миллий банки ички валюта бозорида интервенциялар ўтказди, уларнинг ҳажми хорижий валютани сотиб олиш кўринишида 1 235,95 млн АҚШ долларни ташкил қилди, деб хабар бермоқда Миллий банк матбуот хизмати.

Валюта интервенцияси бирор давлат миллий банкининг валюта бозори ва валюта курсига таъсир қилиш учун қаратилган таъсири бўлиб, банк томонидан хорижий валютанинг катта партиясини сотиш ёки сотиб олиш билан амалга оширилади.

Миллий банкнинг валюта бозоридаги иштироки улуши 41,7 фоизни ташкил қилди. Бундай операцияларни амалга ошириш зарурати АҚШ долларига паст талаб ва уни сотишга таклифнинг ўсиши ўртасидаги мавжуд дисбаланс туфайли юзага келган.

Хорижий валютани сотиш таклифининг ўсиши нефть нархининг барқарорлашиши ва Россия рублининг дунё валюталарига нисбатан мустаҳкамланиши ортида танганинг жозибадорлиги ошишига хизмат қилди.

Банкларнинг хорижий валютани тангага айирбошлаш операциялари ҳажми ошгани ҳам кузатилмоқда.

Аҳолининг валютага нисбатан муносабати ҳам ўзгарди. Нақд хорижий валюта бозорида февралда 10 йил ичида биринчи марта аҳоли томонидан АҚШ доллари сотилиши уни
сотиб олиш ҳажмидан кўпроқни ташкил қилди.

Хорижий валютага жорий таклиф ички тизимли характерга эга бўлиб, танганинг кескин мустаҳкамланишига олиб келиши мумкин.

Танганинг айирбошлаш курсининг бундай ўзгариши тўлов баланси ва умуман иқтисодиётга салбий таъсир кўрсатади ва миллий маҳсулот ишлаб чиқарувчилар учун рақобатчилик шароитларини ёмонлаштиради.

Қайд этиш жоизки, 11 апрелдаги эрталабки савдоларда танга курси сезиларли ўсиш намоён қилди.