Буюк Британияда апрель ўртасида бўлиб ўтадиган аукционга 1912 йилда чўкиб кетган "Титаник" кемасининг бортида ёзилган биринчи мактуб сотувга қўйилмоқда. Мактубга 1912 йил 10 апрель санаси қўйилган ва у немис тилида ёзилган. У Манчестердаги манзилга кеманинг биринчи рейсга жўнашидан бир неча соат аввал юборилган. Мактубнинг бошланғич нархи 21 минг доллар қилиб белгиланди.

Мактубни Пол Дэмби исмли шахс ёзган. У мактубни ўзининг рафиқасига йўллаган. Дэмбининг ўзи сафарга жўнамаган, у 1912 йил 10 апрелда кемага рафиқасининг атирфуруш амакиси Адольф Заальфельдни кузатиб қўйган. Дэмби кемани томоша қилиш учун қариндошининг чиптасидан фойдаланган.

Дэмбининг мактубидан рафиқасининг амакиси биринчи синфдан каюта олганини билиш мумкин.

"Менинг азизам Жолл, биз бу кемадан мактуб ёзаётган биринчилармиз. Амакимизнинг каютаси жуда катта, деярли меҳмонхонадай, у ерда диван ва электр вентилятор бор", деб ёзади Дэмби мактубда.

Заальфельд АҚШга ўзининг бўлғуси америкалик мижозларига қимматбаҳо эфир мойлари тўпламини намойиш қилгани кетаётган бўлган. Фалокат вақтида у қайиқлардан бирида жон сақлаб қолган, бироқ у ерда ўз нарсаларини қолдиришига тўғри келган, деб хабар бермоқда FoxNews.com сайти. 1985 йилда кемани тадқиқ қилган мутахассислар кема қолдиқлари орасида унга тегишли бўлган сумкани топишга муваффақ бўлишган.

Маълум қилинишича, мактуб эгаси Иккинчи жаҳон уруши вақтида Польшадаги ўлим лагерларидан бирида ҳалок бўлган. "Титаник"нинг бланкасида ёзилган мактубни унинг набиралари сотувга қўймоқда.

2014 йилда номаълум коллеционер "Титаник"да ёзилган бошқа бир мактуб учун 200 минг доллар тўлаган. Мактубда кемада ҳалок бўлган бир аёл кема фалокатга учрашидан 8 соат аввал ўз саёҳатини баён қилган.

"Титаник" кемаси йўлга чиққандан 4 кун ўтиб, 1912 йил 14 апрелда яримтунга яқин айсберг билан тўқнашиши оқибатида 2 соат ичида чўкиб кетган. Фалокатда 1,5 мингдан кўпроқ одам ҳалок бўлган.