Россиянинг Томск политехника университети олимлари, кўпсонли кишилар тасвирланган видеолавҳаларда кишилар юзлари, уларнинг сони, ёши ва жинсини, ҳаттоки жиноятчи ҳамда террорчиларни аниқлаш имконини берувчи янги алгоритм ишлаб чиқишди. Бу ҳақда университет ҳисоблаш техникалари кафедраси профессори Владимир Спицин ТАСС агентлигига берган интервьюсида маълум қилган.

"Ўйлайманки, ушбу ихтиро Париж воқеаларидан кейин янада муҳим аҳамият касб эта бошлади. Бугунги кунда бутун дунё терроризм таҳдидига қарши хавфсизлик чораларини кучайтириш устида бош қотирмоқда. Албатта, худди шунга ўхшаш тизимлар, АҚШ ва Европада қўлланилади, аммо улар бошқа технологиялар негизида анча кичик ўлчамли оптикадан фойдаланишади. Ваҳимага тушган одамлар орасидан террорчилар қанча тез топилса, шунча яхши", - деган профессор.

Унинг сўзларига кўра, янги услуб замонавий технологиялар асосида яратилган бўлиб, 1990 йилда математик олим Ян Лекун таклиф этган тасвирларни синфлаш усули негизида яратилган.

"Ўта юқори 4K Ultra HD ўлчамли видеотасвирларни қайташ ишлаш имконини берувчи янги услуб яратилди. У шу турдаги мавжуд қурилмалардан бир неча марта тез ишлай олади. Шу сабабли, атрофдаги вазиятни оператор ёрдамисиз автоматик назорат қилиш ва кутилмаган ҳолатларни қайд этиш имконини беради. Бундан ташқари, тасвирлар ҳам ўта аниқ бўлиши билан эътиборга моликдир", - деб изоҳ берган профессор Владимир Спицин.

Олий ўқув юрти аспиранти Илья Калиновский нейрон тармоқларининг ўта аниқликда ишловчи оригинал каскадини ишлаб чиқа олди. Калиновскийнинг сўзларига кўра, авваллари Full HD (1920 га 1080 пиксел) формати эталон ҳисобланарди. 4K яъни 3840 га 2160 пиксель ўлчамли формат янги ҳисобланади. Бундай видеони қайта ишлаш ва сақлаш учун эса, жуда кучли серверлар лозим бўлади. Шунингдек, ўтказиш хусусияти ҳам юқори бўлган кабеллар тармоғи талаб этилади. Томскда ишлаб чиқилган алгоритм бундай видеолар билан 10 марта тезроқ ишлаш имконини беради.