АҚШ президенти лавозимига номзод миллиардер Дональд Трамп хайр-саховат учун ўз маблағларидан бир цент ҳам ишлатмаган, деб хабар бермоқда The Washington Post нашри.

Трамп штаби томонидан хайрия мақсадларида хайрия жамғармаларига 102 млн доллар ажратилганининг исботи сифатида тарқатилган, 4844 та банддан иборат ҳужжатлар таҳлили давомида Трампнинг шахсий маблағларидан хайрия ишларига пул ўтказилгани ҳақида бирорта банд топилмаган.

Нашр маълумотларига кўра, айтилган хайр-эҳсонларнинг катта қисми хайрия аукционларида ўйналган миллиардер билан бепул гольф партияси ҳисобланиб, хайрия олувчилар орасида хайр-саховат ишларига алоқаси бўлмаган турли корхоналар ва ҳаттоки теннисчи Серена Уильямс ҳам бор.

Шунингдек, ҳужжатларда Donald J. Trump Foundation ташкилоти номи келтирилган, бу ташкилот номидан кўплаб эҳсонлар амалга оширилган, бироқ унинг ўзи Трампдан 2009 йилдан 2014 йилгача пул олмаган.

Аввалроқ Трамп CNN телекомпаниясидан дебатлардаги иштироки учун 10 млн доллар хайрия қилишни сўрагани маълум қилинганди.