Япония электротехник гиганти Hitachi йирик савдо марказларида ташриф буюрувчиларга ёрдам беришга ихтисослашган янги робот-гид савдосига буюртмалар қабул қилишни бошлади. Бу ҳақда ТАСС хабар берди.

“EMIEW3” номли аппарат оптик сенсорлар ёрдамида оломон ичидан довдираб турган, саросимада қолган ёки бўлинмалар кўрсатилган табло олдида иккиланиб турган одамларни ажратиб олади. Робот ғилдиракчаларида уларга яқинлашади ва овоз чиқариб ёрдам таклиф қилади. У япон ва инглиз тилларида “гапира олади”.

Кибернетик гид харидордан унга нима кераклигини аниқлаб, уни керакли раста олдига олиб келади. Робот булут технологиялари ёрдамида масофавий серверлар билан боғлангани эвазига ўзида жуда катта ҳажмдаги маълумотларни сақлай олади.

Аппарат шунингдек, улкан савдо марказларида ота-онасини йўқотиб қўйган болаларни қидириш мақсадида ҳам фойдаланилади. Болани қўрқитиб юбормаслик учун роботга мультфильм қаҳрамонининг кўриниши берилди ва бўйини ҳам 90 сантиметр баландликда қолдиришди.

Hitachi ушбу модельни такомиллаштириб унга янги вазифалар юклатмоқчи. Корпорация 2020 йилда Токиода бўлиб ўтадиган ёзги Олимпиа ўйинларида робот-гидларнинг катта партиясини сотмоқчи.