“Универсиада – 2016” спорт ўйинларининг ҳудудий саралаш мусобақалари бўлиб ўтди

Спорт 12 Апрель 2016 1070

Наманганда “Универсиада – 2016” спорт ўйинларининг футбол, волейбол, баскетбол, қўл тўпи ва бокс бўйича ҳудудий саралаш мусобақалари бўлиб ўтди. Бу ҳақда “ЎзА” хабар бермоқда.

“Универсиада – 2016” мусобақаларининг финал босқичига бериладиган йўлланма учун Наманган, Фарғона ва Андижон вилоятлари терма жамоалари ўзаро баҳслашди.

Волейбол бўйича беллашувларда Наманган вилояти ўғил болалар ва қизлар терма жамоаси ғолиб бўлиб, финалга йўлланма олди. Баскетболчилар баҳсида наманганлик қизлар фарғоналик ва андижонлик тенгқурларини йирик ҳисобда мағлубиятга учратган бўлса, ўғил болалар мусобақасида ғолиблик Андижон вилояти жамоасига насиб этди.

Қўл тўпи бўйича андижонлик қизлар ва фарғоналик ўғил болалар терма жамоаси финалга йўлланмани қўлга киритди.

Футбол бўйича ўтказилган баҳсларда Фарғона вилояти терма жамоаси финал босқичига чиқди.

Бокс бўйича беллашувларда ҳар уч вилоятдан 30 нафар ёш чарм қўлқоп устаси 10 вазн тоифасида рингга чиқди. Наманганлик Шукуржон Раҳимов, Бургут Ҳожибоев, Фарғона вилоятидан Абдулла Қўчқоров, Зиёвиддин Тоҳиров, Фазлиддин Мелибоев, Козимжон Мардонов, Баҳром Фозилов, Асилбек Солиев, Андижон вилоятидан Ҳасанбой Дўстматов, Феруз Максаев ўз вазн тоифасида тенгсиз деб топилди ва мусобақанинг финал йўлланмасини қўлга киритди.

Ғолиблар “Универсиада-2016” спорт ўйинларининг Фарғонада ўтказиладиган мамлакат босқичида иштирок этади.

Кўпроқ янгиликлар