Жанубий Кореянинг Пхенчан шаҳрида ўтказиладиган 2018 йилги қишки Олимпиада ўйинлари ташкилий қўмитаси чипталар нархларини маълум қилди. Турнирнинг очилиш ва ёпилиш маросимларида иштирок этишни истаганлар камида 168 евродан сарфлашлари керак бўлади. Олимпиада ўйинлари вақтида бир мусобақа чиптаси камида 15 евродан бўлади. Бу ҳақда Insidethegames.biz сайти маълумотларида келтирилган.

Турнирнинг турли спортларига оид мусобақаларида чипталар 15 евродан 689 еврогача сотилади. Очилиш ва ёпилиш маросими учун чипталар нархи 168 евродан 1147 еврогача этиб белгиланган.

Ташкилий қўмитанинг маълум қилишича, турнир чипталари нархлари Ванкувердаги 2010 йили ўтказилган олимпиадаги нархларга яқин, 2014 йилги Сочи олимпиадасидагидан бироз арзонроқ бўлади. Бу олимпиада чипталари шу йилнинг октябридан сотувга чиқарилади.

15 турдаги спорт мусобақалари чипталарининг ярми нархи трибуналардаги мухлислар сонини ошириш мақсадида 61 евро ёки ундан паст бўлади. Хоккей мусобақаларининг финали учун чипталар нархи 229 евродан 689 еврогача, фигурали учиш бўйича ўйинлар учун чиптала нархи 115 евродан 612 еврогача бўлади.

Пхенчандаги олимпиада 2018 йилнинг 9-25 февраль кунларида бўлиб ўтади.