Жаҳон бозорида қора олтин нархлари кўтарилиши давом этмоқда.

Bloomberg агентлиги хабарига кўра, Brent туридаги нефть нархи йил бошидан буён илк марта 11 апрель кунининг иккинчи ярмида 43 доллардан юқорилаган.

Brent нефти Лондон биржасида 11 апрель куни Тошкент вақти билан соат 18:55да 0,96 долларга кўтарилган (2,29 фоизлик ўсиш) ва бир баррели 42,9 долларни ташкил этган. Савдолар давомида нархлар 43 доллардан ошган.

WTI туридаги нефть нархи Нью-Йорк товар биржасида (NYMEX) худди шу вақтда 0,9 долларга (2,27 фоизлик ўсиш) юқорилаган ва 40,62 долларга сотилган.

Нефть нархлари хомашёни қазиб чиқарувчи мамлакатларнинг Қатардаги музокаралари арафасида ошиб бормоқда. Ушбу музокараларда нефть қазиб чиқариш ҳажмини музлатиб қўйиш ҳақида қарор қабул қилиниши мумкин. Шунингдек, ишлаб турган бурғулаш ускуналари сони қисқартирилгани ҳақидаги маълумотлар ошкор қилиниши ҳам нефть нархи кўтарилиши омилларидан бири бўлмоқда.