Чеченистонда жорий йилда 1 апрелдан бошланган баҳорги ҳарбий хизматга чақириқ бўлмайди, деб хабар бермоқда ТАСС ахборот агентлиги.

"Бу йил хизматга ҳеч ким юборилмайди, чунки йигитларимизнинг мослашуви кетмоқда, ахир чеченлар деярли чорак аср армияда бўлмаганлар", деб айтди Чеченистон ҳарбий комиссари Ахмед Жайрханов.

Чеченистонлик аскарларнинг муддатли ҳарбий чақириғи 2014 йилда, 22 йилда биринчи марта ўтганди. Ўшанда 500 чечен ҳарбий хизматга чақиртирилган. Маълум қилинишича, айни вақтда чеченистонлик янги аскарлар армияда қандай хизмат ўтаётганлари таҳлил қилинмоқда.

"Қўшинлар қисмлари қўмондонларидан ҳарбий комиссар номига 181 нафар ҳарбийга миннатдорчилик мактублари келди, 100 га яқин аскар кичик командир унвонини олди", деб айтди Жайрханов.

Таъкидланишича, Чеченистонда чақириқ ёшидагилар умумий сони 86 мингга яқинни ташкил қилади. Агар янги чақирилганлар мослашуви муваффақиятли ўтса, армияга жўнатиш давом этади ва тизимли равишда амалга оширилади.

Аввалроқ Чеченистоннинг Борзой Шатой туманида жойлашган ҳарбий хизматга чақириқ қисмида рус ва чечен миллатидаги ҳарбий хизматчилар ўртасида чиққан оммавий муштлашув видеоси чоп этилганди.