АҚШнинг энг йирик инвестицион банкларидан бири Goldman Sachs 2005 йилдан 2007 йилгача даврда қимматбаҳо қоғозларни сотишдаги қоидабузарликлари учун умумий ҳисобда 5,06 млрд доллар жарима тўлайдиган бўлди. Бу ҳақда АҚШ адлия вазирлигининг матбуот баёнотида айтилмоқда.

Хабарга кўра, 2,385 млрд доллар жарима "фуқаролик-ҳуқуқий жавобгарлик" бандлари бўйича, 1,8 млрд доллар зиён кўрган мижозлар ва уй эгаларига товон пули сифатида, 875 млн доллар эса федерал ҳукумат ва штатлар ҳокимиятларига тўланади.

"Ушбу келишув Goldman Sachs’ни инвесторларга бирор-бир нарса билан қўллаб-қувватланмаган, банк эса бу ҳақда билган, қимматбаҳо қоғозларни сотишда алдов ишлатиши билан боғлиқ жиддий қонунбузарликлар учун жавобгарликка тортади", дейилмоқда баёнотда.

Келишув доирасида Goldman Sachs бир қатор мижозларга ипотека кредитларини тўлаш бўйича имтиёзлар тақдим қилади, шундан кейин АҚШ ҳукумати банкка эътирозларидан тамомила воз кечади.

Банк бошқа бир қатор йирик молиявий компаниялар (Bank of America, JP Morgan Chase ва бошқалар) билан бирга, улар орасида учта йирик рейтинг агентлиги ((Fitch, S&P, Moody`s) ҳам бор, АҚШ томонидан фонд бозорида фирибгарликлар амалга оширганликда гумон қилинган. Молиявий институтлар қимматбаҳо қоғозларнинг хатарлари бўйича баҳоларни атайлаб пасайтиришган. Бу қоғозлар кейинчалик АҚШ ипотека компанияларига сотилган.