ОАВ: Михайлович ҳайдалди, «Милан»нинг янги бош мураббийи Брокки бўлади

Спорт 12 Апрель 2016 436

Италиядаги нашрлар Синиша Михайловичнинг «Милан» бош мураббийлигидан истеъфога чиқарилгани, унинг ўрнини Кристиан Брокки эгаллаши ҳақида ёзмоқда.

«Ювентус» жамоасидан учралган мағлубиятдан кейин (1:2), раҳбарият мураббийларни алмаштиришга қарор қилган.

Football Italia нашри маълумотига кўра, жамоа хўжайини Сильвио Берлускони 10 апрель куни Аркоредаги вилласида ёшлар жамоаси бош мураббийи Кристиан Брокки билан бирга кечки овқатни тановул қилган ва бир неча соат давомида у ҳамда ёрдамчилари билан музокара олиб борган.

Бундан аввалроқ ҳам Берлускони ёзда Михайловични бўшатиб, унинг ўрнига Броккини тайинлаши хақида хабар берилган эди. Аммо мураббийлар штабидаги ўзгариш тезроқ амалга ошиши мумкин.

Брокки билан аввалига мавсум охиригача битим тузилиши, кейин бу битим бир йилга узайтирилиши мумкин.

Берлускони ўз қарори ҳақида Михайловични огоҳлантиргани, унинг истеъфоси ҳақида 12 апрель куни эълон қилиниши ҳақида айтилган.

MilanNews хабарига кўра, бугунги машғулотларни Брокки ўтказади.

«Милан» жамоаси айни вақтда, А серия якунига 6 тур қолганида олтинчи ўринни эгаллаб турибди ва кейинги мавсумда ЕЧЛда қатнашиш имкониятидан маҳрум бўлган.

Маълумот учун, жамоа вице-президенти Адриано Галлиани Марчелло Липпи номзодини ёқлаётганди, «Милан»нинг афсонавий мураббийи Арриго Сакки эса айни вақтда «Сассуоло»да ишлаётган Эусебио Ди Франческони олиб келишни тавсия қилганди.

Кўпроқ янгиликлар