Туркия жануби-ғарбидаги Диёрбакир вилоятининг Хани туманида рўй берган портлаш туфайли бир нафар ҳарбий хизматчи ҳалок бўлган ва 47 киши жароҳатланган. Бу ҳақда Туркия бош штаби маълумотида келтирилган.

Хабар қилинишича, Курдистон ишчилар партияси жандармерия бошқармаси биносида теракт уюштирган.

"11 апрель куни кечаси, маҳаллий вақт билан соат 23:10да (Тошкент вақти билан соат 01:10) Диёрбакирдаги Хани тумани жандармерия биноси олдида автомобиль портлаган. Натижада бир ҳарбий ҳалок бўлиб, 39 ҳарбий жароҳат олган. Шунингдек, ҳарбийларнинг оила аъзолари бўлган 6 киши ва 2 нафар тинч аҳоли вакили жароҳатланган", дейилади бош штаб хабарида.

Туркияда 2015 йилнинг июлида ҳукумат ва КИП (Курдистон ишчилар партияси) ўртасидаги зиддиятлар янгиланганидан кейин давом этиб келаётган терактлар ва тўқнашувлар натижасида шу вақтгача 370 нафардан ортиқ полициячилар ва ҳарбийлар ҳалок бўлган.

Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған бу вақт ичида ташкилотнинг 5 мингдан ортиқ вакили йўқ қилингани ҳақида маълумот берганди.

Курд Халқ демократик партияси раиси эса бу низолар давомида ҳалок бўлганларнинг аксар қисми тинч аҳоли вакиллари бўлганини иддао қилган.