Яманда футбол стадиони яқинида портлаш юз берди

Жаҳон 12 Апрель 2016 460

12 апрель куни Яманнинг Адан шаҳридаги футбол ўйингоҳи рўпарасида портлаш содир этилган. Рейтер агентлиги маълумотига кўра, портлаш натижасида 4 киши ҳалок бўлган ва 8 киши жароҳатланган.

ТАСС агентлигининг маълумотига кўра, қурбонлар сони 5 нафар.

Гувоҳлар бу портлаш худкуш жангари ўзини портлатиши орқали содир этилганини айтишган. Тахмин қилинишича, теракт мақсади ҳарбий хизматга кетаётган ёшларни йўқ қилиш бўлган.

Ҳозирча ҳеч қайси ташкилот бу теракт учун жавобгарликни ўз зиммасига олмади.

Полиция ҳодиса тафсилотларини ўрганмоқда.

Яманда 2014 йилнинг августидан буён ҳукумат тарафдорлари ва исёнчи ҳусийлар ўртасида зиддиятлар давом этиб келмоқда. Собиқ президент Али Абдулланинг тарафдорлари томонидан ташкил этилган "Ансор Аллоҳ" номли шиа гуруҳи мамлакатнинг амалдаги президенти, суннийлар вакили бўлган Абд Раббо Мансур Ҳодийни пойтахт Санодан қувиб юборишган. Исёнчилар айни вақтда мамлакатнинг ғарбий қисмида назорат ўрнатишган. Қонуний президентни қўллаб-қувватлаш учун 2015 йилнинг 26 мартида Яманда Саудия Арабистони бошчилигидаги ҳарбий коалиция кучлари ҳусийчиларга қарши амалиётлар ўтказа бошлади.

Айни вақтда мамлакат ҳудудида "Ал-Қоида" ва "Жибҳод ан-Нусра" ҳам ўз фаолиятини кенгайтириб бормоқда.

Араб коалицияси исёнчиларни мамлакатнинг иккинчи йирик шаҳри Адандан суриб чиқарган ва айни вақда қонуний ҳукумат айнан шу шаҳарда жойлашган.

Эрон томони коалиция амалиётларини геноцидга тенглаштирган.

БМТ маълумотларига кўра, ўтган вақт ичида 6,5 мингдан ортиқ киши Ямандаги низолар қурбонига айланган ва 30 мингдан ортиқ киши жароҳатланган.

Кўпроқ янгиликлар