2016 йилда Сурхондарё вилоятида намунавий лойиҳа асосида 1 минг 48 янги уй-жой қурилиши режалаштирилган

Ўзбекистон 13 Апрель 2016 1269

Сурхондарё вилоятида жорий йилда намунавий лойиҳа асосида 1 минг 48 янги уй-жой қурилиши режалаштирилган. Бу ҳақда “ЎзА” хабар бермоқда.

“Қишлоққурилишинвест” инжиниринг компанияси Сурхондарё вилояти филиалидан олинган маълумотларга кўра, 2009-2015 йилларда вилоятда намунавий лойиҳа асосида 4 минг 700 дан ортиқ уй-жой фойдаланишга топширилган. Замонавий массивларда ижтимоий инфратузилма объектлари барпо этиш, тоза ичимлик суви, табиий газ ва электр энергияси билан таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўтган даврда 100 дан ортиқ ижтимоий бозор инфратузилмаси объекти, юзлаб савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари қурилиб, фойдаланишга топширилди.

2015 йилда вилоятда қурилган 14 массивда юздан зиёд қурилиш ташкилоти иштирок этган бўлса, бу йил 130 ташкилот жалб этилган.

Термиз туманидаги Наврўз, Гулистон, Мангузар ва Лимонзор массивларида 312 замонавий уй-жой барпо этилмоқда. Наврўз массивида қад ростлаётган намунавий лойиҳалар асосидаги 214 янги уй қурилишида ўттизга яқин қурилиш ташкилоти ишчилари меҳнат қилмоқда. Бу ерда “Таллашқон инвест” масъулияти чекланган жамияти қурувчилари томонидан 1 миллиард 278 миллион сўмликдан ортиқ бунёдкорлик ишлари амалга оширилади.

Гулистон массивида намунавий лойиҳа асосида 44 уй бунёд этилмоқда. Бу ерда қурилаётган тўрт хонали замонавий уйлардан бири термизлик Ўктам Худойқулов буюртмаси асосида қад ростлаётир.

Шеробод, Қумқўрғон, Узун, Шўрчи туманларида ҳам замонавий массивлар қурилиши давом этмоқда. Обод ва осойишта юртимиз қиёфасини ўзгартиришга, юртдошларимизнинг турмуш маданиятини янада юксалтиришга хизмат қилаётган ушбу замонавий уйларни Ватанимиз мустақиллигининг 25 йиллик байрами арафасида фойдаланишга топшириш режалаштирилган.

Кўпроқ янгиликлар