СНН телеканалининг хабарларига қараганда, юқумли вирусли сариқ безгак касаллиги Анголада юзлаб кишиларнинг ёстиғини қуритишга улгурган. Айни пайтда эпидемия қамрови кенгайиб, қўшни Конго давлатига ҳам тарқалмоқда. Бу ерда сариқ безгак аллақачон 21 кишининг умрига зомин бўлган. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Конго демократик республикаси маъмуриятига таянган ҳолда шу ҳақда баёнот берди.

Унга кўра, шу йилнинг январь-март ойларида Конгода 151 киши ушбу хасталик билан гумон қилиниб шифохонага ётқизилган. Касалликка оид айрим ҳолатлар Конгонинг Ангола билан чегарадош ҳудудларида қайд этилгани сариқ безгак айнан Анголадан кириб келган дейишга асос бўлмоқда.

Анголадаги вазият эса бунданда аянчли аҳволда. Ушбу ҳафтада бу ерда камида 225 киши сўнгги 30 йилдаги энг даҳшатли эпидемия қурбони бўлишди. Ўлим ҳолатларининг аксарияти Ангола пойтахти Луандада қайд этилган.

Шунга кўра, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Анголага бориб қайтаётган сайёҳлар воситасида эпидемиянинг жаҳон миқёсида кенг тарқалишидан хавотир билдирмоқда.

Сариқ безгак икки турдаги чивинлар ёрдамида тарқалишига кўра, 2 хил бўлади. Чивинлардан бири Зика вируси тарқатувчиси ҳам ҳисобланади. Чангалзорлар безгагида, чивин касал маймунни чақиб, вирус тарқатувчисига айланади. Аҳоли пунктлари безгагида Aedes aegypti чивини вирусни касал одамдан соғ одамга юқтиради. Сариқ безгакнинг сўнгги тури энг хавфлиси бўлиб, у хасталикни эпидемия даражасига олиб келиши мумкин.

Ҳар йили, жаҳонда 200 мингга яқин киши сариқ безгакни юқтириб, шулардан 30 мингга яқини ҳаётдан кўз юмади. Касаллик асосан, Африка қитъасида (жами ҳолатларнинг 90 фоизи) тарқалади.

Сариқ безгак мушаклар оғриши, қайт қилиш ва иштаҳанинг йўқолиши, тана ҳароратининг юқорилиги каби илк аломатларига биноан безгакка ўхшаб кетади.

Аммо, унинг иккинчи босқичи ҳам бўлиб, вирусни юқтирган кишилардан камчилиги 24 соат ичида шу босқични бошидан кечиради. Бунда беморнинг аҳволи жиддийлашиб, кўз, бурун ва оғиздан қон келиши, жигар ва буйрак етишмовчилиги каби ҳолатлар кузатилади. Тана сарғайиши сабабли, сариқ безгак деб аталади. Иккинчи босқичга ўтган кишиларнинг аксарияти 3-4 кундан 14 кун ичида ҳалок бўлади. Ҳозирча, ушбу касалликка қарши эмдори ишлаб чиқилмаган бўлса-да, ундан шифо топган кишиларда умрбод иммунитет ҳосил бўлади.