Алясканинг Крейг шаҳридан 7 км узоқликда, Тинч океанида сузиб юрган, бошқарилувчи ракеталарнинг иккита бўш қутиси аниқланди. Бу ҳақда KTUU телеканали хабар бермоқда.

Ассошиэйтед Пресс агентлигининг маълум қилишича, пластик қутиларнинг узунлиги 2,4 метр, эни 0,6 метр бўлган. Қутиларнинг ҳар бирида "Бошқарилувчи ракета" деган ёзув ва завод маркировкаси бўлган.

Қутиларни аниқлаган эркак унинг устидаги ёзувни кўриб, яхшиси буни полиция тафтиш қилгани маъқулроқ, деган фикрга келган. Қутилар ичида қандайдир симлар кўринган.

Патруль катери келгандан кейин қутилар ичи бўшлиги аниқланган. Улар океанда қандай пайдо бўлгани аниқлаштирилмоқда, улар қуруқликка етказилган.

Ҳарбийлар қутилар ҳақида барча маълумотларни олишган. Таъкидланишича, ҳозирча қутиларда ҳақиқатан ҳам ракеталар бўлганини аниқ айтишнинг иложи йўқ.

2014 йилда АҚШ ҳарбий-ҳаво кучларига тегишли бўлган "ҳаво-ер" синфидаги, жанговар зарядсиз бўлган Hellfire ракетаси хатолик туфайли Кубага юборилган. Европадаги машғулотларга мўлжалланган ракета февралда АҚШга қайтарилгани маълум қилинган.