Амстердамнинг Схипхол аэропортида полиция портловчи модда аниқламади. Аввалроқ бинодан одамлар қисман эвакуация қилинган, аэропорт полициянинг яхши қуролланган отрядлари билан ўраб олинганди.  

Маҳаллий BNO News агентлигининг хабар беришича, эвакуация аэропорт биносида шубҳали сумкага эга эркак ушлангандан кейин бошланган.

Агентлик маълумотларига кўра, полиция сумка эгасининг шериги деб эҳтимол қилинган яна 6 кишини қўлга олган. Улардан 2 нафари аэропорт ҳудудида, Бельгия рақамларига эга машинада бўлган қолган 4 нафари аэропорт яқинида ушланган. Уларнинг барчаси бироздан кейин қўйиб юборилган. Сумка эгаси ҳибсда ушлаб турилибди.    

Бу орада полиция сумкани робот-сапёр ёрдамида текшириб чиқди ҳамда унда портловчи модда бўлмагани аниқланди. Маҳаллий вақт билан 01.30 да аэропорт яна тўлиқ очилган. Ушбу воқеа авиаалоқага таъсир қилмаган.