АҚШ президенти Барак Обама кейинги 60 кун ичида 2001 йил 11 сентябрда АҚШда содир этилган терактлар тергови ҳақидаги ҳисоботнинг 28 саҳифасидан "мутлақ махфий" устхатини (грифини) олишга буйруқ беради. Ҳужжатларда Саудия Арабистонида терактлар билан алоқалар борлиги ҳақида маълумотлар бўлиши мумкин. Бу ҳақда 13 апрелда Fox news телеканали хабар берди.

Телеканал бу терговни олиб борган АҚШ конгресси вакиллар палатаси ва сенати комиссияси таркибига кирган собиқ губернатор Боб Грэмга иқтибос келтирмоқда. Грэмнинг айтишича, Оқ уйда уни 1-2 ой ичида ҳужжатлар ошкор қилинишига тайёргарлик кўрилаётгани ҳақида хабардор қилишган.

"Менинг икки йиллик илтимосларимдан кейин бу масала президентнинг якуний кўриб чиқишига олиб чиқилмоқда", деб айтди Грэм.

Грэмни сенатор Керстен Жиллибренд (Нью-Йорк штати демократи) ва конгресснинг вакиллар палатасидаги озчилик етакчиси (Демократик партия фракцияси) Нэнси Пелоси қўллаб-қувватлаган. "Мен вакиллар палатасининг разведка бўйича қўмитасининг собиқ аъзоси ва конгресс 11 сентябрдаги терактлар бўйича ўтказган терговдаги энг юқори даражадаги демократман. Мен собиқ сенатор Боб Грэм билан бу ҳужжатларни ошкор қилиш ва оммага таништириш кераклиги борасида ҳамфикрман. Кичик Жорж Буш маъмуриятининг буни қилишдан бош тортиши катта хато бўлган", деб айтди Пелоси расмий баёнотда.

Оқ уй матбуот хизмати март ойида маълум қилганидек, Обама Саудия Арабистонига 21 апрелда ташриф буюради. Обама у ерда қирол Салмон ибн Абдулазиз ал-Суад билан учрашади ва Форс кўрфази араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши саммитида иштирок этади.

2001 йил 11 сентябрда жангари-худкушлар йўловчи самолётларни қўлга олиб, уларда Нью-Йоркдаги Жаҳон савдо марказининг иккита минораси ва Пентагоннинг Виржиния штатидаги биносига бориб урилган. Яна битта қўлга олинган лайнер Шанксвилл шаҳри яқинида қулаган. Дунёдаги энг йирик теракт оқибатида 2996 киши ҳалок бўлган, 6 мингдан кўпроқ одам жароҳат олган. Теракт ташкилотчиси деб "Ал-Қоида" террорчилик гуруҳи топилган.