Шарқий Сассексдаги (Буюк Британия) Drusillas Park ҳайвонот боғида 91 йилдан кейин биринчи марта икки панжали ялқов (Жанубий Америкада дарахтларда ўрмалаб, барглар билан озиқланадиган, ерда юришга яхши мослашмаган сут эмизувчи жонивор) туғилди. Бу ҳақида Discovery News хабар берган.

Ялқов боласи 26 мартда туғилди, аммо уни энди намойиш қилишди. Унинг ота-онаси лақаби Софокл ва Сидон. Улар 2014 йилдан бери бирга.

Ҳайвонот боғидан маълум қилинишича, сўнгги бир йилда бу Бирлашган Қиролликда дунёга келган тўртинчи ялқов ҳисобланади.

"Тутқунликда жуда кам ялқовлар туғилади ва шунинг учун ҳар бир янги туғилган ялқов - бу ажойиб ва сирли ҳайвонларни яқиндан танишимизда муҳим роль ўйнайди", - деди ҳайвонот боғининг бош қўриқчиси Марк Кенвард.