Эрон геология разведкаси ўтказиш учун Қозоғистонга сармоя киритади

Жаҳон 13 Апрель 2016 404

Қозоғистон геология бошқармаси Эроннинг 3та компанияси Ghadir Industry & Mine Development International Co., Sadr Tamin Investment Co., ва SUNIR (Iran Power & Water Equipment and Services Export Company) холдинглари билан келишувга эришган. Бу ҳақда Қозоғистон инвестициялар ва тараққиёт вазирлиги матбуот маркази хабар қилган.

Томонлар Қозоғистонда фойдали рудалар конларини аниқлаш, истиқболли ҳудудларда фойдали қазилма бойликларни қидириш ва уларнинг захирасини баҳолаш ишларига биргаликда сармоя киритиш ниятида экани билдирилган.

Ҳозирча соҳага киритилаётган сармоя миқдори 30 млн долларни ташкил этади.

«Ghadir Industry & Mine Development International Co.» инвестиция холдинги 8та асосий йўналиш бўйича шўъбаларига эга. Хусусан, тоғ-кон саноати, қурилиш ва нефть соҳаси шулар жумласидан. Компания таркибида пўлат қуйиш заводи, алюмин заводи, йирик темир рудаси кони фаолият юритади. Холдинг компанияси темир рудаси, аралаш металл ҳамда мис конларига қизиқиш билдирмоқда.

«Sadr Tamin Investment Co.» компанияси SHASTA компаниялар гуруҳи аъзоси бўлиб, Эрондаги минерал маҳсулотлар бўйича илк холдинг ҳисобланади. Унинг таркибида кон саноатида фаолият юритувчи бевосита бошқарувли 11 компания ҳамда вакиллар ёрдамида бошқариладиган 8 компания мавжуд.

Sadr Tamin компаниясининг низом жамғармаси 2,5 миллиард доллар атрофида бўлиб, бу компания 2012-2016 йиллар давомида минерал хомашё ва темир, олтин, мис каби металлар қазиб олишга 2,6 млрд доллар сармоя киритиш ниятини билдирган.

«SUNIR» (Iran Power & Water Equipment and Services Export Company) холдинги эса, Эроннинг энергетика, сув, нефть, газ, тоғ-кон, нефть кимёси ва қурилиш соҳаларидаги етакчи компанияси ҳисобланади. Унинг фаолияти МДҲдан тортиб жанубий Осиёгача, Африка қитъаси ва Лотин Америкаси бозорларини қамраб олади. Компания 2013 йили ENR рейтингида 250та халқаро компания орасида 191 ўринни эгаллади.

Кўпроқ янгиликлар