Халқимизда “Бирни кўриб фикр қил, бирни кўриб шукр қил”, деган серҳикмат мақол бор. Шундан келиб чиқиб, ҳозирги таҳликали дунёнинг қатор мамлакатларида кузатилаётган турли тўс-тўполонлар, тартибсизликлар негизига эътибор берадиган бўлсак, уларда давлатнинг ўсиб-униб келаётган ёшларга, уларнинг ҳаётдаги қизиқишлари, ҳуқуқ ва манфаатларига эътиборсизлиги, улардаги ёшларга оид сиёсатнинг ҳозирги замоннинг янги таҳдидларига жавоб бера олмаслиги оқибатини кўриш мумкин.

Айниқса, ёшлар тарбияси, уларни иш билан банд қилиш, соғлом турмуш тарзига ўргатиш ўз ҳолига ташлаб қўйилгани ачинарли, албатта. Бундай мамлакатларда давлат ва ёшлар ўртасида узилиш пайдо бўлганлигини кузатиш мумкин. Кўпгина муаммоларнинг замирида замон талаб қилган аниқ бир касб-ҳунарга эга бўлмаслик ва натижада, ишсизлик, бекорчилик ётади.

Бугунги замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ривожланган асрда кимлардир бу технологияларни бунёдкорлик, илм-фан, тараққиёт йўлида қўлласа, кимлардир ижтимоий тармоқлар орқали миллионлаб онги мўрт, ҳаётда мустақил фикрлашга, позицияга эга бўлмаган ёшларни тўрга тушириш ва ўз қабиҳ мақсадларини амалга ошириш йўлида фойдаланмоқда. Мақсад — ёшлар қалбини эгаллаш, муайян мамлакат ёки минтақадаги бирор миллат ёхуд халқнинг онгига, унинг сезги-туйғуларига таъсир ўтказиш, уни ўз дунёқарашига бўйсундириш, маънавий жиҳатдан заиф ва тобе қилиш. Фикр қарамлиги, тафаккур қуллиги эса ҳар қандай иқтисодий ёки сиёсий қарамликдан кўра даҳшатлидир.

Жаҳондаги вазиятни таҳлил қилган кузатувчиларнинг фикрича, бугунги кунда ғарблик ёшларнинг оёққа туриб олишлари, ҳаётда ўз ўринларини топишлари қийин кечмоқда. Бунга биринчи ўринда ахборот айбдор экани айтилади. Бугун дунёга келган болаларни туғуруқхонанинг ўзидаёқ оммавий ахборот майдони кутиб олмоқда. Ахборот шу қадар тезликда ҳаракатланмоқдаки, унинг оқимини тўхтатиб қолишнинг имкони бўлмаяпти. Бу оқим йўлида учраган ҳамма нарсани, ҳатто ахлоқ, одоб, маънавият, эзгулик каби қадриятларни, ёшу қарини “оқизиб кетмоқда”. Ахборот янги авлодга қарши оммавий қирғин қуроли экани тан олинади. Буни барча тушуниб, англаб етган, аммо унинг кучига қарши курашишга ҳамма ҳам жазм қила олмайди. Хориж телеканалларинг деярли ҳар бир кўрсатувида ур-йиқитлар намойиш этилади. Болалар “зўрлик”, “отишма”, “қотиллик”, “сотқинлик, “ифлослик” каби иллатлар акс этган кўрсатув, фильм ва ток-шоуларни кун бўйи томоша қилар экан, улар қандай инсон бўлиб вояга етади, деган саволни берадиган вақт етиб келди.

Бугунги кунда “жаҳон тармоғи”, “ўргимчак тўри”, “ахлатхона” номини олишга улгурган интернет олдида телевидение, радио ва матбуот аста-секин иккинчи ўринга тушиб бораётгандек. Кузатувчиларнинг интернетни ахлатхона дейишларида жон бордек. Унга яхши ахборот ҳам, ёмон ахборот ҳам жойлаштирилади. Интернетдан истаган нарсангизни топишингиз мумкин. Интернет ёмонликдан кўра яхшиликка хизмат қилиши учун ҳаракат қилиш ва болаларни шу йўлда тарбиялаш керак. Ғарблашаётган замонавий ёшларнинг “ғариблашишига” йўл қўймаслигимиз лозим.

Ижтимоий тармоқларнинг таъсири хақида болаларни огоҳлантириш керак. Тўғри ижтимоий тармоқларда дўст топиш яхши. Бироқ реал ҳаётдан узоқлашиш керак эмас. Ижтимоий тармоқда соатлаб мулоқот ўтказгандан кўра, шундоққина кўчага чиқиб танишингиз билан дийдор кўришиб, жонли суҳбатлашишга нима етсин?! Ижтимоий тармоқ вақтингизни бекорга совуришдан бошқа нарса эмас. Уни ижтимоий қармоқ, дейиш тўғрироқ бўлади.

Бунинг устига замонавий технологияларни инсон саломатлиги учун зарарли эканини хам ёддан чиқариш керак эмас. Компьютерда футбол ўйнагандан кўра, дўстларингиз билан стадионда копток тепиш ҳам соғлиққа, ҳам жамиятига фойдали.

Ҳаёт сўқмоқларидан чиқа олмай қолган айрим ёш йигит-қизларнинг яшаб қолиш мақсадида жиноят оламига кириб қолаётганидан ҳам асло кўз юмиб бўлмайди. Оиладаги носоғлом турмуш тарзи ҳам ёшларнинг спиртли ичимлик ва гиёҳванд моддалар истеъмолига мубтало бўлишига олиб келмоқда. Бир қатор мамлакатларда ёшлар ўртасидаги пиянисталик умумий муаммога айланиб қолди. Бугун алкоголизм жинсидан қатъи назар ёшларнинг долзарб ижтимоий муаммоси экани тан олинади. Спиртли ичимлик истеъмол қилишни эрта бошлаган ўсмирнинг ҳаётга қизиқиши эрта сўнади. Бу муаммо иккинчи бир–жиноятчилик муаммосига сабаб бўлади. Ўсмирлар томонидан содир этилган жиноятларнинг катта қисми мастликда юз бергани айтилади. Фарзандларни алкоголизмдан йирокда ушлаб, уларни комил инсонлар қилиб вояга етказиш учун ота-оналар болаларини назорат қилиб туришлари керак.

Соғлом бола масаласи ҳам кун тартибидаги асосий муаммолардан бири экани тан олинади. Масалан, Россияда мактаб битирувчиларининг атиги 10 фоизини соғлом деб аташ мумкин экан. Жаҳонда носоғлом турмуш тарзини афзал кўрувчи ёшлар сафи кенгайиб бораётганидан хавотирлар бор.

Ёшларнинг иқтисодий тараққиётдаги иштироки ҳам камайиб кетган. Ишсизлар сафи кенгайиб бормоқда. Ёшларнинг жиноят оламидаги иштироки бир қатор мамлакатларда асосий муаммога айланиб бўлди. Россияда ҳар тўртта жиноятнинг биттаси ўсмирлар томонидан содир этилар экан. Хуқуқбузарликларнинг катта қисми ёшлар томонидан содир этилади. Ёшлар ўртасидаги маънавиятсизлик жамиятда инқирозларга сабаб бўлиши тан олинади.

Оилаларда болалар ва ота-оналар ўртасидаги ўзаро тушунмовчилик ҳам бир қатор муаммолларга сабаб бўлмоқда. Бунинг оқибатида ўсмирлар уйдан бош олиб кетмоқда. Айрим холларда болалар ўз жонига қасд қилмоқда.

Жонажон Ўзбекистонимизда ёшларнинг ҳаётий муҳим масалаларини ҳал этишга қаратилган давлат сиёсати изчил амалга оширилаётгани самарасида ёшларимиз барча соҳаларда улкан ютуқларни қўлга киритмоқда. Навқирон авлоднинг замонавий стандартлар асосида таълим-тарбия олиши, ўз иқтидор ва салоҳиятини юзага чиқариши борасида кўп ишлар амалга оширилди. Конституциямизда ва кўплаб қонунларда ёшларимизнинг ҳуқуқлари ва манфаатлари ўз ифодасини топган. Бу ёш авлодни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш, уларни ҳар томонлама баркамол этиб вояга етказишга хизмат қилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2014 йил 6 февралдаги «Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, фаоллигини ошириш, ижодий ва интеллектуал салоҳиятини юзага чиқариш, мафкуравий таҳдидларга қарши иммунитетини мустаҳкамлаш, бандлигини таъминлаш борасидаги ишларни янада кучайтирди.

Шарофиддин Тўлаганов