Яйпанлик Икром Холхўжаев (исм-фамилиялар ўзгартирилди) қир ёшга киргунча беш маротаба судланган. Йигирма уч ёшида олти йил муддатга озодликдан маҳрум этилган. Мурувват кўрсатилиб, амнистия актига биноан озодликдан маҳрум этиш жазосининг ўталмаган қисми ахлоқ тузатиш ишлари билан алмаштирилган.

И. Холхўжаев бирон жойда ёлчитиб ишламасдан яна ичкиликка ружу қўяди. Эрталабданоқ спиртли ичимликлар истеъмол қилиб, Яйпан шаҳарчаси марказида тентираб юриши одат тусига киради. Бу ҳақда “Ҳуқуқ” нашри ёзмоқда.

Ўтган йил саккизинчи сентябрь куни соат ўн иккиларда истироҳат боғи биқинидаги сомсахонага кайфи тароқ ҳолда кириб борди. У ерда укаси тенги Ғанижон Жўраевни кўриб қолди ва у билан улфатвозликни бошлаб юборди. Кайфлари ошиб тортишиб қолишди. Сомсапаз уларни “бу ерда жанжал қилманглар, бошқаларга халақит қиляпсизлар”, деб сомсахонадан чиқариб юборади.

Бошқа ошхонанинг эгаси С.Аюбов қуйидагича гувоҳлик беради: “Бир соатча ўтиб кўчада тўполон бошланди. Деразадан қарасам, битта йигит ерда чўзилиб ётибди. Икромнинг қўлида қонюқи пичоқ, атрофини одамлар ўраган. Ташқарига югурдим. Ёнимизда қурилаётган тўйхонанинг бошқарувчиси қўлида стул билан пўписа қиляпти. “Икром ака пичоқни ташланг”, деяпти. Мен ҳам пичоқни ташла, дедим. Икром пичоқни отиб юбориб, оломон ичидан чиқиб кетаётганда уч-тўртта йигитлар ушлаб, қўлини қайиришди, қайтариб олиб келишди”.

Ерда ётган йигитни шифохонага олиб боришади, аммо у йўлда оламдан ўтади.
Суд муқаддам содир этган жиноятлари учун озодликдан маҳрум этиш, ахлоқ тузатиш ишлари жазоларини ўтаб, тузалиш йўлига кирмаган, дарди бедавога айланган, такроран ўта оғир жиняотга қўл уриб, ёш йигитнинг ҳаётига зомин бўлган И.Холхўжаевга 22 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазосини тайинлади.