Mossack Fonseca юридик фирмасининг Панама пойтахтидаги бош қароргоҳида тинтувлар ўтказилмоқда, деб хабар бермоқда La Prensa нашри.

Офшор битимлари ҳақидаги маълумотлар фош этилган "Панама ҳужжатлари"нинг чоп этилиши сабабли танилиб кетган офшорлар оператори офисида Панама прокуратурасининг яқинда ташкил этилган, уюшган жиноятчилик, пулларни ювиш ва террорчиликни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича бўлими ишламоқда.

Бир вақтнинг ўзида ҳуқуқ-тартибот муассасалари Mossack Fonseca’га компьютер хизматлари кўрсатган телефон компаниясида ҳам иш олиб бормоқда.

Прокуратура матбуотга берган баёнотида ОАВда мақолалар чоп этилгандан кейин тергов ҳаракатлари ўтказаётгани, фирманинг ноқонуний ҳаракатларга алоқадорлиги исботи ўрнатилаётганини айтди.

Аввалроқ фирманинг Перу ва Сальвадордаги офисларида ҳам тинтув ўтказилганди.