Қизиқчи Обид Асомов ўзининг инстаграмдаги саҳифасида 90 йилларни ёдга солувчи ажойиб видеони жойлаштирди. Унда сўз устасининг Тошкентдаги собиқ «Юбилейный» муз саройидаги концертда коньки учаётганини кўриш мумкин.

Асомов бу лавҳани бежизга ёдга олиб, тармоққа юклагани йўқ. У Россия каналидаги “Звёзды на льду”, “Танцы со звёздами” каби кўрсатувлардан аччиғи чиқиб, аслида музда учиб, концерт беришни ўзбекистонлик юлдузлар бошлашганлигини қайд этди ва бунинг исботи сифатида видео ҳам жойлаштирди.

“Э, мақтанишми, мақтаниш! Россия каналидаги “Танцы со звёздами”, “Звёзды на льду” каби кўрсатувларни кўриб, жаҳлим чиқди. 1990 йилларда Тошкентдаги ‘Юбилейный’ муз саройида коньки тақиб, концерт беришни биз бошлаганмиз. “Ялла”дан бошлаб ҳамма юлдузлар қатнашган. Ҳа, йигит кишига қирқ ҳунар оз дейишганидек, конькида бинойидек учардим. Энди муз саройи ҳам йўқ, кўчада учаман десангиз, қорли қиш ҳам. Коньки жонивор деворда осилганича турибди!”, — дея Обид Асомов видеога изоҳ қолдирган.