Олма-отада яшовчи номаълум кишининг Бэтмен костюмини ўғирлаб кетишган. Кийимнинг баҳоси эса 3 минг АҚШ долларини ташкил этади. Бу ҳақида TengriNews нашри хабар берди.

Жабрланувчи Бостандик тумани ИИБга мурожаат қилган. Унинг сўзларига кўра, Бэтмен ва Супермен иштирокидаги ролик тасвирга олинганидан сўнг, костюмни сумкасига жойлаштирган ва таксига ўтириб кетган. Шу вақтда ҳайдовчи сумка ичида нима борлигини билиш мақсадида қизиқиш билан сўров ўтказган ва улар ўртасида келишмовчилик келиб чиққан.

Таъкидланишича, таксичи муаммони ҳал этиш учун ўзининг дўстларига қўнғироқ қилиб, уларни унинг олдига етиб келишини сўраган. Ўз навбатида, костюм эгаси ҳам роликда Супермен ролини ижро этган дўстига қўнғироқ қилган.

“Менинг дўстим тезда ёрдамга етиб келди. Мен таксидан тушдим. Дўстим ва мен ҳайдовчи билан тинч йўл билан келишиб олмоқчи бўлдик. Шу пайт у биздан қўрқди ва сумкамдаги нарсаларим билан кетиб қолди”, — дейди жабрланувчи.

Унинг таъкидлашича, костюм “Бэтмен Суперменга қарши” фильмининг премьераси учун Россиядан махсус буюртма орқали олиб келинган.

“Биз машина рақами ва русумини эслаб қолдик. Кейин эса Бостандик туман ИИБга бордик ва мен ариза ёздим”, — дейди жабрланувчи. ИИБ ходимлари ҳайдовчи ва буюмларимни бир неча соатда топишди, деб давом эттирди костюм эгаси.

Томонлар келишиб олишган. Ҳайдовчининг айтишича, у қўрқиб кетган ва ҳеч нарсани ўғирлаш мақсади бўлмаган. Унинг сўзларига кўра, сумканинг ичида Бэтменнинг кийимини кўриб жуда ҳам ажабланган. Кастюмни эгасига қайтармоқчи бўлган, аммо уни қандай топишни билмаган.

Жабрланувчининг айтишича, полиция ходимлари унга костюмни қайтариш вақтида энди мамлакат тинч ухласа ҳам бўлади, деб ҳазил қилишган.